Мақола муаллифи ушбу масала билан мустақилликнинг дастлабки йилларидан хизмат юзасидан рўпара бўлиб, шуғулланишига тўғри келган. Аниқроғи, ўша йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида энди фаолият бошлаганида ҳамма вазирлик-идоралар қатори бу ташкилотда ҳам ўзбек тилини жорий қилиш ҳаракати Давлат тили қонуни ижросини таъминлаш нуқтаи назаридан бошланган эди. Дастлаб муаллиф Котибият бошқармаси ходими сифатида вазирликка бутун дунёдан келадиган хат-ҳужжатларни ўзбек тилида аннотациясини тайёрлаб, раҳбариятга киритиш вазифаси билан шуғулланган. Шу жараёнда дипломатик терминлар билан ишлаш бошланди. Тез орада Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан имзолайдиган битим, шартномалари ва бошқа турли сиёсий ҳужжатларни ўзбек тилида тайёрлаш зарурати келиб чиқди. Иш жараёнида шу нарса аён бўлдики, бизда бу соҳа, яъни сиёсий-дипломатик ҳужжатлар, халқаро шартнома, битим ва шу каби ҳужжатлар инглиз, рус тилларида тайёрланиб келган, шу жиҳатдан бу соҳага алоқадор атама-терминларни ўзбек тилида тайёрлаш кун тартибида турмаган, алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган.
Тил тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш, сиёсий ҳужжатларни нафақат амалдаги рус тилида чоп этишга барҳам бериш нуқтаи назаридан ишга киришилиб, тезликда бу камчиликни бартараф этиш учун олти кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилди ва унга дипломатиянинг асосини ташкил этувчи ва деярли барча дипломатик терминларни қамраб олган Дипломатик ва Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциялари матнларини ўзбек тилига таржима қилиш вазифаси юкланди. Конвенциялар ана шу гуруҳ аъзоларига тақсимланиб, таржима бошланди. Гуруҳдаги энг тажрибали киши А.Бўрибеков ва мақола муаллифи, ёши каттароқ ва нашр, таржима ишларида тажрибаси борлар, асосий қийинчиликни ўз зиммамизга олиб, бажарилган таржималарни таҳрир қилиб, таққлослаб кўрганлар. Кўринадики, қолган гуруҳдаги бошқа тўрт дипломат қилган таржималар таҳрирдан кўра қайта, янгитдан таржима қилинса, иш осонроқ ва тезроқ кўчади. Шундай қилиб, матн таржимаси икки кишининг қўлидан чиққан. Бу таржима, қабул қилинган ва яратилган терминлар ҳукуматнинг дастлабки халқаро шартнома ва битимларида қўллана бошлаган.
Бу дастлабки қадам бўлиб, икки киши ушбу катта ҳужжатни шундай олиб, таржима қилиб, ўзбек тилида дипломатик ва сиёсий атамаларни ишлаб чиқди дегани эмас. Изланиш ва бу соҳани бир маромга келтириш кейинги йилларда ҳам давом этди. Амалда йўқ истилоҳ, тушунча сўзларни топиш ё киритиш қанчалик қийин кўчганини мутахассислар яхши билади. Баъзи терминлар тез топилиб, баъзилари узоқ вақт топилмай ё кўнгил тўлмай, киши диққат бўлади.
Шу иш ўз вақтида қилиб олингани кейинча вазирликнинг бошқармаларига, кўпчилик дипломатларга, шу қатори ўзимизга асқотди. Юқорида номи тилга олинган инсон - А.Бўрибеков кўп йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигида тайёрланган барча хат-ҳужжатларни таҳрир қилиш жараёнида ана шу тажрибадан фойдаланган бўлса, мақола муаллифи вазирликнинг “Жаҳон” ахборот агентлигида таҳририят бўлими бошлиғи сифатида ҳукумат газеталарида босилувчи расмий сиёсий мақолаларни тайёрлаш ва таржима қилишда кенг фойдаланди. Муаллиф бу масалага кейинроқ ЎР Президенти ҳузуридаги Стратегия ва минтақалараро тадқиқотлар институтда меҳнат қилган йилларида яна дуч келди. Ўшанда унга шу институт етакчи ходимларидан бири, юридик фанлари номзоди Р.Ҳакимов БМТ Низомини ўзбек тилига таржима қилиш таклифи билан мурожаат қилди. Бу соҳада анча тажриба орттирилгани туфайли бу иш ҳам амалга оширилди. Низомни ушбу нуфусли ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси кўп мингли тиражда нашр этиб, тарқатди. Муаллифга БМТнинг махсус вакили Низомнинг ўзбек тилига расмий таржимони деган гувоҳномани топширди.
Юқорида тилга олинган икки сиёсий идорадан кейин мақола муаллифи ўн беш йилга яқин икки олий ўқув юрти халқаро бўлими бошлиғи вазифасида ишлай туриб, тилга олинган масала - дипломатия ва сиёсий тилдаги ёзишмалардан унча узоқлашмаслигига тўғри келди.
Бу кириш сўзлари муаллифнинг қаердан ва нима сабабдан дипломатик терминларга мурожаат қилганига изоҳ беради, деб ҳисоблаймиз.
Дипломатик терминлар устида ишлаш фикрига туртки бўлган яна бир нарса бу озарбайжон тилида босилган “Дипломатик энциклопедик луғат” китоби бўлди. Шу билан бирга у ўша пайтдаги фаолиятида илмий фаолиятга ҳам кенг имкон ва шароит пайдо бўлгани сабабли ички даъват бу ишга киришишга ундади.
Албатта ҳар қандай мавзу у бўйича амалга оширилган ишларни ўрганишдан бошланади. Кимлардир олиб бораётган тадқиқот, ишни қайтармаслик маъносида даставвал тилшунос олим, проф.Ҳ.Дадабоев билан бу соҳада, яъни сиёсий, дипломатик терминлар соҳасида олимлар олиб бораётган тадқиқот, бажарилган ишлар билан қизиқиб, маслаҳат сўралганда, бу йўналишга ҳозирча ҳеч ким қўл урмаганини айтди.
Янада аниқроқ маълумот олиш мақсадида ушбу масалага алоқадор асосий ташкилот - Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бу савол билан мурожаат қилинганда ва амалга оширилган ишнинг дастлабки бир қисми ҳавола қилинганида бу ердан ҳам лойиҳага тўлиқ хайрихоҳлик олинди.
Галдаги вазифа бу Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари билан учрашиб ана шу луғат яратилиши масаласини қўйиш, ҳамкорлик қилиш ва архив материаллари билан ишлашга хомийлик қилишни сўраш бўлди. Маълумот учун эслаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатнинг яқинда ўтган мажлисида Ташқи ишлар вазирлигига худди шу масала юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди, яъни халқаро ҳужжатларни юқори савияда тайёрлаш учун дипломатик терминларни яратиш алоҳида кўрсатиб ўтилди. Шу маънода, қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигида Таржималар маркази тузилиб, иш бошланган. Ушбу марказ ўз фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиши биланоқ улар билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган эди.
Луғат деганда одатда бир тилдан бошқа тилга ўгирилган сўзлар, иборалар тўплами тушунилади. Изоҳли луғат сифатида эса ана шу сўзларга шарҳ, изоҳ берилган луғат тушунилади. Шу маънода дипломатик терминлар изоҳли луғати ҳам ана шундай луғатлар сирасига киради. Яъни унда маълум соҳа бўйича тўпланган сўз, ибора, атама ва истилоҳлар луғат тарзида кетма-кетликда берилиб, изоҳ билан таъминланади.
Мазкур луғатни яратиш учун асос сифатида Иттифоқ даврида 70-йилларда А.А.Громыко таҳрири остида босилган 3 томлик академик нашр “Дипломатик луғат” (“Дипломатический словарь» под редакцией А.А.Громыко, Политиздат, Москва, 1970г.) ва инглиз тилидаги энг обрўли луғатлар олинди. Ушбу луғатлар ҳам аслида изоҳли луғат ҳисобланади, чунки уларда ҳозирги замон халқаро муносабатлари ва дипломатия, ташқи сиёсат, халқаро конференция, конгресс, йиғилишлар, шартнома, битимлар, декларация ва конвенциялар, турли мамлакатларнинг энг йирик дипломатлари тўғрисидаги мақолалар ва бошқа кўплаб тушунчалар ўрин олган.
Бу луғатларни тўлиқ таржима қилиш бир кишининг иши эмас ва кўп вақт талаб қилгани сабабли, дастлаб энг кўп истифода этиладиган терминлар танлаб олиниб, таржима қилинди. Улар ҳам тилшунослар, ҳам мутахассис дипломатлар назаридан ўтганидан сўнг ишни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш ва шундан кейингина навбатдаги босқичга ўтилди.
Ишда фойдаланиш учун 1972 йилда нашр этилган “Русча интернационал сўзлар изоҳли луғати”, беш томлик “Русча-ўзбекча луғат”, икки томлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Ўзбек энциклопедияси ва бошқа қатор манбаларга мурожаат қилинганида уларда дипломатик терминлар деярлик ўз аксини топмагани маълум бўлди.
Луғатнинг бойитилишига Дипломатик академиянинг ҳамкори “Ҳиндистон-Марказий Осиё” жамғармаси, MERI Institutlar guruhi билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, ҳамкорликда икки мамлакат олимлари томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ҳамкорлиги ва ўзаро боғлиқлиги” номли монография ҳамда Ҳиндистонда нашр этилган луғат ваа бошқа илмий манбалар асос бўлди.
Энди таржима хусусида қуйидаги фикрни айтиш лозим. Айрим терминларга эътибор берадиган бўлсак, шунга амин бўламизки, уларнинг аксарияти рус ва бошқа тилларда ҳам лотин, француз ва инглиз тилида қандай бўлса шу ҳолда қабул қилинган. Уларга одатда изоҳ берилади. Албатта рус тилидан кирган ва байналмилал ҳисобланган терминларни айнан олиб, истеъмолга киритиб юбориш мумкин, лекин кўп мамакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ўз тилимиздаги атама, иборалар яратиш тил софлиги учун хизмат қилган бўлар эди, лекин яна қайтарамиз, бу бир киши бажарадиган иш эмас, балки махсус тил комиссиясининг маълум бир шўъбаси, тил институти олимлари кабиларнинг ҳамкорликда олиб бориши керак бўлган вазифасидир.
Мулоҳаза учун дипломатияда қўлланадиган рус тилидаги бир нечта терминни ўзбек тилида қандай айтиш мумкин деган саволни қўямиз: взаимность, страна пребывания, старшинство…
Шу муносабат билан ҳозирги кунда истеъмолга кўп кириб бораётган интернет таржималар ҳақида ҳам тўхтаб ўтишни лозим кўрдим. Буни таржимонларни дангасаликка, бир томонламаликка олиб келувчи хизмат, деб ҳисоблаш мумкин. Бундай таржималарни “калька”, яъни айнан кўчирма, деб ҳисоблаш керак. Таржимаси сўралиб, бир сўз киритилса, бошқа тилда ҳам унинг биргина маъноси чиқиб келади. Мисоллар келтирилмайди. Сўзнинг бошқа бир нечта маънолари қолиб кетаверади. Ҳақиқий катта луғатлар эса, аксинча, тўлиқ маълумот беради.
Ўзбек тилида “Дипломатик терминлар (изоҳли) луғати”ни яратиш ушбу соҳадаги ҳар хилликка сўзсиз барҳам беради. Ҳозирги кунда сиёсий ҳаётга оид барча тадбир, анжуманлар ишида, сиёсий-дипломатик ёзишмалар, шартнома ва битимлар, декларацияларда доимо бир хилдаги атамалар ишлатилаётганига ким кафиллик беради. Буларни ҳозирги кун ибораси билан айтганда мониторингини олиб боришни ким бажариши керак? Демак, ўзбек дипломатияси ривожи билан бир сафда унинг тили ривожланиши ҳам бориши керак. Бу биз тилшунос олим ва дипломатлар олдида турган муҳим вазифа ва бурчдир.
ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия Малака ошириш кафедраси мудири И.Шамсимухамедов, филол. ф.н.